Марказий банк бугунги кунда кўпчилик фуқаролар учун муаммоли бўлган пластик карталардан нақд пул ечиш масаласини тартибга солиш бўйича қатор чораларни кўради. Бу ҳақда Марказий банк пул муомаласи департаменти ходими Фахриддин Бобоев жорий медиа-ҳафталик доирасида маълум қилди, деб ёзади «Nuz.uz».
Марказий банк вакили сўзларига кўра, ҳозирда ишлаб чиқарувчи компаниялар билан бу йил Ўзбекистонга 2000 та инфокиоска ва 1000 та банкомат етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Қурилмалар банк бўлинмаларига, шунингдек, 50 дан ортиқ ходимлари бўлган компания ва корхоналарга ўрнатилиши режалаштирилган.
«Бундан ташқари, биз нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни давом эттирамиз. Тез орада республикадаги мутлақо барча савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари терминаллар билан жиҳозланади. Шунда нақд пул олиш борасида шов-шувлар юзага келмайди», — деди Марказий банк ходими.
Шунингдек, Фахриддин Бобоев Марказий банкнинг шаҳарлар ва қишлоқ жойлардаги мини-банклар сонини ошириш режалари ҳақида гапириб берди. Белгиланган меъёрларга кўра 5 километрлик радиусда битта банк, унинг бўлинмаси ёки мини-банк жойлашган бўлса, энди радиусни 1 километргача камайтириш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)