Хитой Супер лигасида энди фақатгина уч нафар хорижлик футболчи майдонда ҳаракат қилиши мумкин. Бу ҳақда «Sports.ru» нашри хабар берди.
Янги қоидага кўра, ўйин қайдномасидан беш нафар легионер футболчи ўрин эгаллаши учун имкон берилади. Шуларнинг фақатгина уч нафари бир вақтнинг ўзида майдонда тўп сура олади. Бундан ташқари, ҳар бир клуб учрашув қайдномасига икки нафар 23 ёшгача бўлган футболчини киритиши керак. Улардан бири асосий таркибда тўп суриши шарт.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари Хитой футбол федарацияси бу қарорга мамлакат ҳукуматининг таъсири остида келганини қайд этган. Унинг қачон кучга кириши ҳозирча аниқ эмас, лекин бундан барча клублар воқиф қилинган. Қайд этиш керак, Хитой чемпионатида янги мавсум 4 март санасида старт олади.
Аввалроқ Хитой чемпионатида бир нафар осиёлик ва тўрт нафар хорижлик футболчини қайдномага киритиш мумкин бўлиб, майдонда осиёлик ва яна уч нафар бошқа легионер ҳаракат қилиши мумкин эди. Янги қарор эса осиёлик футболчилар имкониятини пасайтириб юбориши мумкин.
Масалан, «Шанхай СИПГ» бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш майдонга Одил Аҳмедовни тушириши учун Элкесен, Оскар, Халк ва Рикарду Карвалю каби футболчилардан исталган иккитасини захирада қолдиришга мажбур бўлади. Аҳмедов бунга эриша оладими ёки йўқ, айтиш қийин.
Изоҳ (0)