АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп давлат раҳбари лавозимига киришгач, дастлабки вақтда Барак Обама маъмурияти томонидан Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни ўз кучида қолдирмоқчи, деб ёзади «ТАСС».
Трамп уларни «ҳеч бўлмаганда бироз вақт давомида» кучда қолдириш ниятини маълум қилди. Шу билан бирга, у Москва терроризмга қарши курашдаги ва АҚШ учун муҳим бўлган бошқа мақсадларга эришишдаги фойдалилигини исботлай олса, санкцияларни бекор қилиши мумкинлигини айтди.
«Агар сен Россия билан яхши муносабатда бўлсанг ва Россия ҳақиқатда бизга ёрдам бераётган бўлса, санкцияларни сақлаб туриш кимга керак?» — деди Трамп.
Трамп сайловолди кампанияси чоғида Россия билан ИШИД террорчилик гуруҳига қарши кураш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш кераклиги тўғрисида бир неча марта айтиб ўтган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)