2016 йилги мавсумни Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби сафида ўтказган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сервер Жепаров фаолиятини Эрон клубида давом эттиради.
Аввалроқ «Истиқлол» клуби Жепаровни қўлга киритиш учун 800 минг АҚШ доллари тўлашга тайёрлиги ҳақида хабар чиққанди. «Локомотив» Ўзбекистон терма жамоасининг вице-сардори фаолиятини Эрон чемпионатида давом эттиришини тасдиқлаган, бироқ айнан қайси клуб эканига ойдинлик киритмаган. Тасдиқланган хабарда 800 минг доллар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Ўтган мавсум давомида Сервер Жепаров «Локомотив» шарафини 34 та учрашувда ҳимоя қилган бўлиб, рақиблар дарвозасига 8 та гол уришга муваффақ бўлганди. Жепаровнинг ташрифидан кейин «темирйўлчилар» ўз тарихида илк бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди ва Осиё чемпионлар лигасида чорак финалга қадар етиб борди. Шунингдек, мамлакат кубоги ҳам «Локомотив»га насиб қилди.
Жепаров аввалроқ Жанубий Корея ва Саудия Арабистони чемпионатларида ҳам тўп сурган. У «Сеул» клуби билан Кей лига, «Аш-Шабаб» билан Саудия чемпионлигини қўлга киритган. Тошкентнинг уч клуби — «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив» сафида Ўзбекистон чемпиони бўлишга эришган.
Изоҳ (0)