Футбол бўйича Англия лига кубоги ярим финалидан жой олган иккинчи учрашув 11 январь куни ўтказилиб, унинг доирасида «Саутгемптон» ўз майдонида «Ливерпуль»ни қабул қилди.
Беллашувнинг 20-дақиқасига келиб Нейтан Редмонд томонидан урилган гол кейинчалик ягона бўлиб қолди. Қолган вақт давомида Юрген Клопп бошчилик қиладиган «Ливерпуль» футболчилари вазиятни ўнглай олмади.Мазкур учрашувдан бир кун аввал ярим финалнинг биринчи учрашуви бўлиб ўтган ва унга кўра «Манчестер Юнайтед» футболчилари «Халл Сити» устидан 2:0 ҳисобида зафар қучганди.
Англия лига кубоги регламентига кўра, ярим финал босқичига келиб жамоалар уй-сафар тизимида майдонга тушади. Шундан келиб чиқиб, зафар қучган «Юнайтед» ва «Саутгемптон» клубларини финалда деб бўлмайди.
Ярим финалнинг жавоб ўйинларидан биринчиси 25 январь куни «Энфилд» стадионида ўтиб, «Ливерпуль» «Саутгемптон» билан орадаги фарқни йўққа чиқаришга ҳаракат қилади. Бир кун кейин — 26 январь куни эса «Манчестер Юнайтед» футболчилари «Халл Сити» майдонига ташриф буюради.
Англия лига кубоги Ярим финал. Дастлабки ўйин 11 январь, чоршанба
Изоҳ (0)