Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШнинг янги санкцияларига мос жавоб берилишини ваъда қилди, деб ёзади «Ведомости».
«Шубҳасиз, мос ва ўзаролик тамойилига асосланган реакция Америка томони учун худди шу соҳаларда сезиларли ноқулайликларни келтириб чиқаради», — деди Песков журналистларга «бу ерда ҳеч қандай шошқалоқлик йўқ»лигини таъкидлар экан.
Песков янги санкцияларни АҚШ президенти Барак Обаманинг шахсан ўзи маъқуллагани юзасидан афсус билдирди ва Россия уларни «халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан асоссиз ва ноқонуний» деб ҳисоблашини такрорлади.
Путиннинг матбуот котиби сўзларига кўра, АҚШнинг амалдаги маъмурияти икки мақсадни кўзламоқда, булар — шундоқ ҳам яхши бўлмаган Россия—АҚШ муносабатларига путур етказиш ҳамда АҚШнинг бўлғуси маъмурияти ва янги президентининг ташқи сиёсий режаларига зарба бериш.
Песков АҚШнинг янги санкциялари икки мамлакат алоқаларининг янада паст даражага ўтишини билдиришини тасдиқлади.
Изоҳ (0)