«Барселона» жамоаси раҳбарияти клуб ҳужумчиси Луис Суарес билан амалдаги келишуви муддатини 2021 йилгача узайтирди. Бу ҳақда «Sports.ru» хабар бермоқда.
Янги шартномага мувофиқ, уругвайлик 29 ёшли футболчининг товон пули 200 миллион евро қилиб белгиланди. Яъни, Суареснинг трансферини унинг каталонияликлар билан келишуви муддати якунига етмай туриб сотиб олмоқчи бўлган жамоа 200 миллион евро тўлаши керак бўлади.
Луис Суарес 2014 йили Англиянинг «Ливерпуль» клубидан «Барселона» сафига кешиб қўшилганди. Шу вақтигача у каталонияликлар либосида 116 учрашув ўтказиб, 97 та гол киритди ва 8 та совринга эга чиқди.
Қайд этиш жоиз, «Барселона» жорий йилда ҳимоячи Хавьер Маскерано ва ҳужумчи Неймар билан шартномасини мос равишда 2019 ва 2021 йилгача узайтирганди. Каталонияликлар клуб етакчиси Лионель Месси билан 2018 йилнинг 30 июнигача давом этадиган келишувини узайтириш борасида музокаралар олиб бормоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)