Испания Конституциявий суди Каталония парламентининг келгуси йили мустақиллик бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«2017 йили референдум ўтказишни режалаштирган Каталония парламенти қарори тўхтатилди», — дейилади суд баёнотида.
Каталония етакчиси Карлес Пучдемонт марказий ҳукумат маъқуллаши ёки йўқлигидан қатъи назар, 2017 йил сентябрида мустақиллик тўғрисида референдум ўтказилишини ваъда қилганди. Каталония парламентининг аксарият депутатлари Испаниядан ажралиб чиқиш бўйича янги референдум ўтказилишини ёқлади.
Маълумот учун, 2014 йили Каталония Мадрид расмий овоз бериш ҳақидаги таклифни рад этгандан сўнг норасмий референдум ўтказган, унда қатнашганларнинг 80 фоиздан ортиғи мустақилликни маъқуллаганди. Бироқ рамзий тарзда бўлиб ўтган мазкур тадбирда 6,3 миллион каталониялик сайловчининг атиги 2,3 миллиони иштирок этган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)