«Sayyod.com» нашри ижтимоий тармоқлар орқали «Нокамтарлар хит-паради» учун қўйилган сўровнома натижаларини эълон қилди. Рейтинг одамлар томонидан билдирилган, шоу-бизнес вакилларидан анонимлик шарти билан олинган ҳамда сайт фикрларини ўзида бирлаштирган.
17-ўрин: Муниса Ризаева.
Энг охирги ўринни эгаллаган бу хонандани нокамтарлигини Instagram саҳифасига қўядиган селфилари ва суратларда либоси ёки ўзини ойнада суратга олиб тушавериши, гуллару тўйдаги либосларини ҳам кўз-кўз қилиш билан шарҳланди.
16-ўрин: Сайёд.
Мазкур хит-парадда «Sayyod.com» раҳбариятига ҳам халқнинг нокамтарлик унвони берилгани сабабини Instagram’га қўйиладиган совғалар ва ширинликлар суратини реклама дея баҳолашди.
Рейтингнинг 15-ўрнидан актриса Муқаддас Саъдуллаева жой олди.
Ўзини суратга олишни хуш кўриши билан актрисага бу ўрин насиб этган бўлса не ажаб...
14-ўрин: Сардор Раҳимхон
Асосан дўстлари даврасидаги дастурхон атрофида суратга тушишни ёқтирадиган хонандани шу суратларини Instagram’га жойлагани учун нокамтар санашган кўринади.
13-ўрин: Бастакор Элдор Қаюмов
Ўз касбидан «юлдузликка интилиш» сифатида кўпроқ фойдаланиб клипларда фаоллиги ошган бу ижодкор хит-параднинг шу ўрнига лойиқ деб топилди.
12-ўрин: Зарина Низомиддинова
Селфи тушишни ва қоматини ойнадан суратга олишни севадиган Зарина ҳам нокамтарлик рейтингидан жой олди.
11-ўрин: Ҳалима Ибрагимова
Аёл қизиқчилардан ҳозирда ягона бўлган Ҳалима Ибрагимовага овоз берганлар худди америкалик қора танли рэперлар каби бўйнига арқондек ва унга илинган лагандек кулонли тиллолар тақиб ва умуман тиллолардан ҳаддан зиёд фойдаланади деган фикрга келган.
10-ўрин: Каниза
Канизанинг Instagram’даги селфиманияси ва совғалару гуллар билан тушган суратларини жойлаши унинг ушбу ўринга лойиқ деб топилишига сабаб бўлди.
9-ўрин: Жасур Ғойипов
Бу хонанданинг ижод давомидаги «Мен бу мен!» шиори билан ўта нокамтар фикрларию интервьюдаги осмон-осмон гаплари уни айнан шу ўринга муҳрлади.
8-ўрин: Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлар
Шоҳжаҳонни узукларидан то имижи ва албатта «қонунийлаштирилган» эксклюзив либослари рейтингнинг шу ўрнига сабаб бўлди. Укаси Зоҳиршоҳ эса ижодидан кўра қуруқ гаплари билан шу ўринга мос кўринади.
7-ўрин: Асилбек Неъматов
Нашрнинг таъкидлашича, у ўзини Ҳимолай тоғларига қиёслаганини айтиб тасвирланган видеоданоқ «камтарлик» даражаси қай тарзда эканини билиш қийинмас.
6-ўрин: Сарвар Исаев
Бу режиссёр сўнгги пайтлар ўзи суратга олган клип ва рекламаларида ҳадеб ўзини реклама қилаверишидан нокамтарлик даражаси мана шу ўринга чиқди, дейди «Sayyod.com».
5-ўрин: Шаҳзода Муҳаммедова
Унинг бу ўринни эгаллашига ижтимоий тармоқлардан йиғилган кўплаб овозлар сабаб бўлди. Актриса, модельер, дизайнер ва хонанда... худди «Кавказ асираси» комедиясидаги Нина қаҳрамонидек. Ўзи сўнгги пайт ўша қаҳрамонга ўхшаб ҳам кетяпти, дейди муаллиф.
4-ўрин: Миртоҳир Мирғуломов
«Sb.uz» сайтининг раҳбари сўнгги пайтлар бошловчилигу, «мен ҳам бир кўринай» деган эпизодик актёрликкача уринаётганлиги таъкидланмоқда.
3-ўрин: Акбар Атамуҳаммедов ва унинг «Садо» гуруҳи
Кастинг ҳақида жойлаган эълонида у ўз гуруҳини Афсонавий деб номлагани хит-парадининг юқори поғонасидан жой олишига сабаб бўлди.
2-ўрин: Клипмейкер Наримон Султонхўжаев
Бош ролни ўзи ижро қилиш шарти билан клипларни суратга оладиган клипмейкер Наримон Султонхўжаев бу борада сўзсиз шу ўринга лойиқлиги сир бўлмаса керак. Клипига рафиқасиниям, фарзандиниям ва ҳаттоки додасиниям олиб чиқди, дейди «Sayyod.com».
1-ўрин: Аҳад Қаюм
Нашр таъкидлашича, тинмай суратга тушадиган ва китобларини суратлари билан тўлдиргани етмагандек алоҳида календарлар чиқарадиган бу шоир ўзини режиссёрликкаям урган ва ҳаттоки ашула айтиб, клип ҳам суратга олган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)