Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 28 ноябрдаги Фармони билан «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил» эсдалик нишони таъсис этилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Фармонда келтирилишича, эсдалик нишони Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 25 йиллигини нишонлаш, давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари ва хизматчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилди.
Эсдалик нишони билан мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган шахслар, юқори профессионал маҳорати, ҳарбий ва ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён этган ҳарбий хизматчилар, жумладан, Ўзбекистон мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича жанговар ҳаракатларда иштирок этган, захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ҳарбий хизматчилар, шунингдек, ҳарбий ҳамда хизмат бурчини бажаришда ҳалок бўлган ёхуд ярадор бўлган ва шикастланган Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари тақдирланади.
Эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади. Эсдалик нишонининг олд томони марказида таралаётган қуёш нурлари фонида Амир Темур ҳайкали тасвирланган. Унинг орқа томонида Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган қадимги Оқсарой мажмуаси пештоқи акс эттирилган. Эсдалик нишонининг юзасида тасвирланган ҳайкалнинг ўнг ва чап томонида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилган йил ва юбилей йили (1992 — 2017) рақамлари акс эттирилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)