Таиланд аҳолиси қарийб икки ой аввал ҳаётдан кўз юмган қирол Пумипон Адульядет (Рама IX)нинг 89 ёшини нишонламоқда, деб ёзади «ТАСС».
Таиландда қиролнинг туғилган куни 1958 йилдаёқ миллий байрамга айланган бўлиб, ушбу сана мамлакат учун алоҳида аҳамиятга эга. 1980 йилдан 5 декабрь қиролликда Оталар куни деб эълон қилинди, аммо бу йил ушбу байрам биринчи марта Рама IX сиз нишонланмоқда, ахир уни кўпчилик таиландликлар «Миллат отаси — қироллар қироли» деб атайди.
Байрам муносабати билан ўн минглаб одамлар саҳардаёқ Бангкокни Самутпракан провинцияси билан бирлаштирувчи Пумипон Адульядет номидаги кўприкни тўлдирди. У ерда 999 нафар будда руҳонийси марҳум қирол ҳақига дуо ўқиди. Шундан сўнг кўприкда йиғилган халқ биргаликда қироллик мадҳиясини куйлади.
Рама IX нинг туғилган куни муносабати билан Бангкокда кўргазмалар, шунингдек, жаз концертлари бўлиб ўтмоқда — марҳум қирол айнан ушбу мусиқий жанр ишқибози бўлган.
Эслатиб ўтамиз, марҳум Таиланд қироли Пхумипон Адульядетнинг (Рама IX) ягона меросхўри ва валиаҳди Маха Вачиралонгкорн 1 декабрь куни Таиланд ҳукмдори бўлиш таклифини қабул қилди ва тахтга чиқди.
Изоҳ (0)