Швейцария ҳарбий ҳаво кучларининг F-18 қирувчилари «Россия» махсус учувчилар отрядининг Москвадан Перуга йўл олган Ил-96 самолётига яқин масофада ҳамроҳлик қилди. Бу ҳақда бортда бўлган «Интерфакс» мухбири маълум қилди, деб ёзади «Ведомости».
Самолёт бортида Россия президенти Владимир Путинга Лимадаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида ҳамроҳлик қиладиган баъзи делегация аъзолари ва россиялик журналистлар бўлган.
Швейцария байроғи аниқ-равшан кўриниб турган учта самолёт Россия лайнерига яқинлашган ва бироз вақт ўринларини алмаштирган ҳолда унга ҳамроҳлик қилиб борган. Қирувчилар йўловчи бортига шунчалик яқин келганки, ҳарбий ҳаво кучлари самолётларининг рақамларини ҳам кўриш мумкин бўлган.
Экипаж командири йўловчиларга бундай ҳолат ушбу йўналишда «одатий амалиёт» эканлигини айтди.
Владимир Путин Перудаги саммитга бошқа самолётда, Сочидан учиб боради.
Изоҳ (0)