Америкалик машҳур боксчи кичик Флойд Мейвезер фаолиятини қайта тиклаши ҳақиқатга яқин эканлигини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Оламспорт».
«Отам қачон боксга қайтишимни сўради. Шуни айтишим керак, бокс эшиклари мен учун ҳамиша очиқ. Бу 100 фоиз аниқ. Лекин ҳозирча қарор қабул қилишимда мени айнан қандай ҳолат ёки ким руҳлантира олишини билмайман», – деди Мейвезер.
Кичик Флойд Мейвезер рингга қайтган ҳолатда ҳам унинг рақиби катта эҳтимол билан филиппинлик яна бир машҳур боксчи, фаолятини қайта тиклаб, WBO версияси бўйича жаҳон чемпионлиги учун жангда америкалик Жесси Варгасни мағлубиятга учратган Менни Пакьяо бўлади.
Sky Sports нашрининг маълум қилишича, кичик Флойд Мейвезер Менни Пакьяонинг Лас-Вегасда ўтказилган жангини залдан туриб томоша қилган.
Эслатиб ўтамиз, август ойида Мейвезер машғулотларга қайтгани ва бу унинг боксчилик фаолиятини янгилаши мумкинлиги ҳақидаги хабарларнинг пайдо бўлишига мажбур қилгани хабар қилинганди.
Маълумот учун, 2015 йилда фаолиятини якунлаган собиқ спортчи профессионал рингда 49 та жанг ўтказиб, барчасида (26 тасида нокаут билан) ғалаба қозонган.
Изоҳ (0)