Исроил оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар фаол ёритиб борилмоқда. Жумладан, РЭКА давлат радиоканали янгилик блокларидан бирини 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланди. Бу ҳақда «Дарё»га ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Журналист Цви Зильбернинг 1 ноябрь куни эфирга чиққан «Харитадаги нуқта» номли муаллифлик кўрсатувида республикада олиб борилаётган сайловга тайёргарлик ишлари ҳақида сўз юритилди. Студияга таклиф қилинган исроиллик экспертлар сайловнинг ташкил этилиши, Марказий сайлов комиссияси ваколатлари, сиёсий партияларнинг давлат бошқарувидаги ўрни, парламентаризмнинг ривожланиши, фуқаролар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши борасида фикр билдириб ўтди.
Зэев Ханин, сиёсатшунос, Бар-Илан университети ўқитувчиси:
«Ўзбекистон — ўзининг геосиёсий жойлашуви туфайли ва инсоний ресурслари, шунингдек, иқтисодий салоҳияти нуқтаи назаридан Марказий Осиёдаги асосий мамлакат. Республика мустақилликка эришганидан буён минтақавий хавфсизлик тизимида ўзак вазифасини бажармоқда. Юқорида санаб ўтилган омилларни инобатга олган ҳолда мамлакатдаги вазият халқаро ҳамжамият эътибори марказида десак, янглишмаймиз.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ғарбнинг алоҳида сиёсатшуносларининг республикада вазият беқарорлашиши мумкинлиги ҳақидаги прогнозлари оқланмади. Мамлакатдаги вазият барқарор, бунинг тескарисини айтиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида барқарор ҳокимият вертикали шакллантирилди, давлат тизимининг асоси эса демократия принципларига қурилди, конституцион ислоҳот амалга оширилди, парламентаризм ривожланиши жараёнлари ортга қайтмас босқичга келди».
Сари Цви, «Исроил–Ўзбекистон» савдо палатаси раиси:
«Ўзбекистондаги сайлов кампанияси фаол босқичга кирди. Президент сайлови муқобил асосда ўтказилмоқда, энг юқори лавозимга мамлакатнинг барча партияларидан тўрт номзод даъвогарлик қилмоқда.
Марказий сайлов комиссияси, сайловларни тайёрлаш ва ўтказишга масъул орган сифатида, хориж давлатлари ва халқаро ташкилотлардан кўплаб кузатувчиларни таклиф қилди. Бу сайлов жараёнининг шаффофлигини таъминлаш устувор вазифа эканлигини кўрсатади.
Ўзбекистон халқи тинчлик ва барқарорликни тилайди, бу унинг барча соҳалардаги ютуқларининг асосий кафолати ҳисобланади. Ўзбекистон йўналиш меросийлигини эълон қилди, яъни мамлакат бундан кейин ҳам иқтисодий ислоҳотлар ва демократик ўзгаришлар, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлидан боради».
Амнон Коэн, Кнессетнинг собиқ депутати:
«Ўзбекистон жамият ва давлат қуриш босқичларидан муваффақиятли ўтди. Мамлакатда қонун устуворлигини ҳамда ҳокимият тармоқлари орасидаги мувозанатни таъминлайдиган самарали модель яратилган. Конституцион ислоҳот тадрижий кечиб, узлуксиз характерга эга бўлди. Мустақил ривожланиш йилларида сайлов тизимини такомиллаштириш борасида кўзга кўринарли ўзгаришлар амалга оширилди, бугун у энг юқори халқаро стандартлар ва демократик принципларга жавоб беради.
2016 йил 4 декабрга белгиланган Президент сайлови натижаларига нафақат республиканинг, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг кейинги ривожи боғлиқ».
Изоҳ (0)