Ўзбекистон дунё хайр-саховат рейтингида (World Giving Index) 11-ўринни эгаллади. Рейтинг Charities Aid Foundation (CAF) хайрия жамғармаси томонидан тақдим этилган, деб ёзади UzDaily.
CAF жамғармаси дунёнинг 140 та мамлакатида инсон сахийлиги ва яқинларга ёрдам беришга тайёрлигини ўрганиб чиқди. Бунда кишиларнинг турли хайрия лойиҳаларига пул беришга ва волонтёрлик иши билан текин шуғулланишга тайёрлиги, қолаверса шунчаки бегона инсонга ёрдам беришга — уни овқатлантириб ёки у билан охирги кўйлагини бўлишишга тайёр эканлиги ўрганилди.
CAF ҳисоботига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 52 фоизга яқини турли хайрия акцияларида иштирок этса, аҳолининг 67 фоизи бегона инсонга ёрдам беришга тайёр (16-ўрин).
Ўзбекистон аҳолисининг 62 фоизи пул хайр-эҳсон қилса (16-ўрин), мамлакат фуқароларининг 27 фоизи волонтёрлик билан шуғулланади (дунё бўйича 40-ўрин).
2016 йилги рейтингда Мьянма етакчилик қилди. АҚШ иккинчи ўринни, Австралия эса учинчи ўринни эгаллади. Рейтингнинг охирги ўрнидан (140) Хитой жой олди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда эълон қилинган хайр-саховат бўйича дунё рейтингида Ўзбекистон 27-ўриндан жой олганди.
Изоҳ (0)