Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг кенг миқёсли текшируви бошланди. «РБК»нинг ёзишича, ўқув машғулотларидан кўзланган мақсад — чегара бузувчилар ва самолёт олиб қочишга қарши курашдир.
Россия Мудофаа вазирлиги ахборотига кўра, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари қатнашаётган машғулотларга 130 дан ортиқ қўмондонлик пунктлари ва турли даражадаги бошқарув пунктлари жалб этилган.
Машғулотлар 26 октябрь, чоршанба куни бошланган. Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақалари бўйича ҳаво ҳужумидан мудофаа навбатчи кучлари ҳавода шартли душманни («Ту-160» ва «Ту-95МС» стратегик бомбардимончилари, «Ту-22М3» бомбардимончи самолёти) аниқлаган, шундан сўнг навбатчиликда турган «МиГ-31», «Су-27» ва «МиГ-29» самолётлари ҳавога кўтарилиб, «назорат нишонларини шартли равишда йўқ қилган».
Ўқув машғулотларида номлари зикр этилган мамлакатларнинг юзга яқин самолётлари, хусусан, «Су-27», «МиГ-31», «МиГ-29» қирувчилари, «Су-24», «Су-34» бомбардимончилари, «Су-25» штурмчилари, узоқ масофаларга парвоз қилувчи «Ту-22», «Ту-160», «Ту-95» бомбардимончилари, «Ка-27», «Ми-8» вертолётлари қатнашмоқда.
«ТАСС» ахборотига кўра, ўқув машғулотлари Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Арманистон ҳаво кенгликларида бўлиб ўтмоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)