Ҳиндистоннинг Air India авиакомпаниясига қарашли ҳаво кемаси тарихдаги энг узун парвозни амалга оширди. У 14 соату 30 дақиқада 15,3 минг километр масофани тўхтамасдан босиб ўтди. Бу ҳақда The Times of India нашри маълум қилди.
Деҳлидан Сан-Францискогача бўлган рейс 16 октябрда амалга оширилган, бироқ ОАВларга бу ҳақда энди маълум бўлган. Бундан аввал Air India компаниясининг ушбу йўналишдаги самолётлари Атлантика океани устидан парвоз қилган. Бироқ бу сафар самолёт Тинч океанини кесиб ўтди.
Янги йўналиш аввалгисидан 1,4 минг километрга узоқроқ бўлишига қарамасдан, уни босиб ўтиш учун самолёт икки соатга яқин камроқ вақт сарфлаган. Авиакомпания вакилининг маълум қилишича, бунга шу йўналишда соатига 138 километр тезлик билан эсаётган шамол сабаб бўлган.
Бундан аввалги рекорд Дубай—Окленд рейси бўйича амалга оширилган парвозга тегишли эди. Emirates авиакомпаниясининг ҳаво кемаси 14,2 минг километрга тенг масофани 16 соату 24 дақиқада учиб ўтган эди.
Изоҳ (0)