Хонанда Шоҳжаҳон Жўраев имижини ўзгартиргани ва ўзининг «ташриф қоғози»га айланиб қолган мўйлови билан хайрлашганига ўз муносабатини билдирди, деб хабар бермоқда «Даракчи.uz».
«Бу ҳақда гапирсам, тарихи узун. Биласизми, ўзимга қолса бу имижда аллақчон кўриниш берган бўлардим. Аммо ижодимни бошлаган йилларим истасам-истамасам, дадамга қиёсловчилар кўп бўлган. Мана ўн йилдирки дадамнинг йўналишида, уларнинг қўшиқларини қайта куйлаб ижод қилдим, тўпламлар яратдим. Тан олишим керак, шу кунгача саҳнага чиққанимда мен учун эмас, дадам учун қарсак чалинарди, яъни, уларнинг қўшиқларини куйлаганим учун. Аммо бутун умр сояда юришим тўғри эмаслигини яхши биламан. Бугун дадамга муносиб ўғил эканимни етарли даражада исботладим.
Энди кўрганлар кимнингдир ўғли эмас, Шоҳжаҳон Жўраев дейишяпти. Секин-секин икки йўналишни қориштириб, ўзим истаган йўналишга ҳам етиб келяпман. Айтмоқчиманки, аслида мен яратишни истаган қўшиқлар бугунги кунда жаранг сочишни бошлади, премьераси кутилаётганлари ҳам бор. Мен истаган йўналишдаги қўшиқларга эса мўйловли Шоҳжаҳон тўғри келмас эди. Шунинг учун имижимга бироз ўзгартириш киритдик. Бугунги яратадиган қўшиқларим 35 ёшдан кичик бўлганларга мўлжаланган. Рок-н-ролл элементлари қўлланилаётган янги қўшиқларимни эски шинавандаларим тушунмай қолишадими дейман-да.
Тез кунларда янги альбомдан жой олган ‘Гўзалим’ қўшиғи эфирларга узатилади. Бу қўшиқ миллий йўналишда эмас, у ёшларбоп жанрда. Нима демоқчилигимни мухлислар қўшиқни тинглаганда билиб олади», — деди Шоҳжаҳон Жўраев.
Изоҳ (0)