Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
«Мамлакатимизда ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, таълим-тарбия тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги фидойилиги ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагиларга фахрий унвонлар берилсин», — дейилади ҳужжатда.
Бир қатор соҳа вакиллари «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» унвонларига эга бўлди.
Бундан ташқари, «таълим тизимини ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор педагогик технологияларни жорий этиш, чуқур билим ва касб-ҳунарга эга малакали кадрларни тайёрлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги катта хизматлари учун» бир қатор устоз ва мураббийлар «Фидокорона хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати», II даражали «Соғлом авлод учун», «Дўстлик» орденлари ҳамда «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни ЎзАда келтирилди.
Изоҳ (0)