SteelHouse маркетинг компанияси ходимлари «меҳнат жафокашлари» бўлиб чиқди: уларга таътил берилганида, улар бунга қандай муносабатда бўлишни билмай қолди, деб ёзади AdMe.
Шунда компания директори Марк Дуглас ўз ишчилари истаган жойида ҳордиқ чиқариши учун уларга 2000 долларлик бонуслар беришга қарор қилди. Бонус фақат таътил учун сарфланиши мумкин бўлди.
Бошқача айтганда, йилига бир марта ишчилар компания ҳисобидан истаган жойига бориб, хоҳлаганича дам олиш имкониятига эга бўлди. Албатта, бонусни таътилга сарфламасдан, шунчаки ўзига олиб қолиш истагида бўлганлар ҳам топилди, бироқ Марк уларни қаергадир бориб, яхши вақт ўтказиб келишга ундади.
Албатта бунинг натижаси ўзини намоён қилмай қўймади: сўнгги уч йил ичида компаниянинг 250 нафар ходимидан беш нафаригина ишдан кетди, улардан уч киши буни иш билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра амалга оширди. Шунингдек, «бонусли» таътилдан сўнг одамлар янги куч-ғайратга тўлиб келиши ва янада самаралироқ ишлаши маълум бўлди.
Изоҳ (0)