БМТ Бош Ассамблеясининг умумсиёсий дискуссияси ўтказиладиган БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида келаси ҳафта 500 дан ортиқ форумлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар, шунингдек, 1,1 мингта икки томонлама учрашувлар режалаштирилган, деб ёзади «ТАСС» БМТ бош котиби расмий вакили Стефан Дюжаррикка таяниб.
«Бугунги кун ҳолатига кўра, биз бош котиб иштирокисиз икки томонлама учрашувлар ўтказиш учун 1100 та сўров қабул қилдик», — деди у. Унинг сўзларига кўра, бу рақам ўтган йилгидан камроқ, ўшанда умумсиёсий дискуссия доирасида 1678 та музокара олиб борилган эди. Келаси ҳафта расмий ва норасмий учрашувлар ва анжуманларни ўз ичига оладиган 545 та тадбирлар кутилмоқда.
20 сентябрдан 26 сентябргача давом этадиган Бош Ассамблея умумий музокараларидаги иштирокини 67 нафар давлат раҳбари, 5 нафар вице-президент, 49 нафар ҳукумат раҳбари ва 50 га яқин вазирлар тасдиқлади.
Шунингдек, Дюжаррик маълум қилишича, ваколати шу йилнинг охирида тугайдиган БМТ бош котиби Пан Ги Мун келаси ҳафта мобайнида дунё етакчилари ва вазирлар билан 124 та икки томонлама учрашув ўтказишни ҳамда ташкилот бош қароргоҳидаги 62 та тадбирда қатнашишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош Ассамблеяси 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этган Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириб, мажлисни бир дақиқалик сукут билан бошлади.
Изоҳ (0)