Венгриянинг сиёсати Европа Иттифоқи меъёрларига буткул зид, шу сабабли мамлакатни иттифоқдан чиқариш мақсадга мувофиқ бўларди. Бу ҳақда Люксембург ташқи ишлар вазири Жан Ассельборн маълум қилди, дея хабар беради «Коммерсантъ».
«Биз Евроиттифоқнинг асосий қадриятлари поймол этилаётганига тоқат қилолмаймиз. Агар Венгрия каби қочоқларни киритмаслик учун тўсиқлар барпо этаётган ёки матбуот эркинлиги, адлия тизими мустақиллигини хавф остида қолдираётган бўлсангиз, сизни иттифоқдан вақтинча ёки умуман чиқариш лозим. Бу тузилма қадриятлари ва бирдамлигини сақлаб қолишнинг ягона имконияти бўларди», — дея таъкидлади вазир.
Люксембург ТИВ раҳбари келгусида ҳамжамиятнинг барча аъзолари орасида якдиллик бўлмаганида Евроиттифоқ мамлакатларига шундай қарорлар қабул қилишга имкон берадиган қоидани жорий этишни таклиф этди.
Изоҳ (0)