Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошевга Президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди. Бу ҳақдаги хабарнома Оқ Ўрданинг расмий сайтида чоп этилди.
«Телеграммада Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг вафоти ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилгани таъкидланади», — дейилади хабарномада.
«Қозоғистонликлар Ўзбекистоннинг биродар халқи билан бевақт ва тўлдириб бўлмас йўқотиш қайғусини бўлишади. Мен билан қарийб 30 йил мобайнида елкама-елка ишлаган дўстимни йўқотганимдан чуқур қайғудаман», — деб таъкидлади Назарбоев таъзияда.
Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга, унинг жаҳон миқёсидаги нуфузини оширишга, жамият фаровонлигини оширишга ёрдам берган кенг миқёсли ўзгаришларнинг амалга оширилиши Ислом Каримов номи билан боғлиқлигини алоҳида қайд қилиб ўтди.
«У бутун ҳаётини ўз халқига садоқат билан хизмат қилишга бағишлади, у ҳар доим Қозоғистоннинг ишончли дўсти бўлди ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди. Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотираси қалбимизда мангуга қолади», — дейилади телеграммада.
Сўзининг якунида Нурсултон Назарбоев Ислом Каримовнинг қариндошлари ва яқинларига, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматига ва халқига самимий ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзларини етказишни сўради.
Изоҳ (0)