Буюк Британияда дунёдаги энг катта ҳаво кемаси дея номланаётган Airlander 10’нинг биринчи парвози амалга ошди, деб ёзади «РБК». У кўргазмали парвоз бўлиб, ярим соатга яқин давом этди.
92 метрли учар қурилма яратувчилари эса у танаффуссиз икки ҳафтагача уча олишини таъкидламоқда.
Airlander 10 — дирижабль, вертолёт ва самолёт чатишмаси. У 4900 метр баландликка кўтарилиб, соатига 148 километр тезликда уча олиши ҳамда кўп ёқилғи сарфламаган ҳолда катта юкларни таший олиши айтилмоқда.
Airlander 10 лойиҳаси дастлаб Америка армияси учун ишлаб чиқилди, бироқ 2012 йилдан буён Hybrid Air Vehicles компанияси унга қизиқиб қолмагунича, музлатиб қўйилди.
Airlander’нинг ичи гелий билан тўлдирилган бўлиб, «пўстлоғи» ўта мустаҳкам материаллардан ясалган.
Изоҳ (0)