Ямалда ҳарбийлар Сибир куйдиргиси туфайли ҳалок бўлган 200 та буғу қолдиқларини йўқ қилди
Россия марказий ҳарбий округининг радиация, кимё ва биологик ҳимоя бўлинмалари Ямал ярим оролидаги Сибир куйдиргиси ўчоғида сутка давомида 100 дан ортиқ буғу қолдиқларини йўқ қилди. Бу ҳақда 3 август, чоршанба куни округ қўшинлари қўмондони ёрдамчиси полковник Ярослав Рошчупкин маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«Ўтган суткалар давомида ҳарбий мутахассислар 123 та буғу қолдиқларини йўқ қилди. Таққослаш учун, душанба, 1 август куни 52 та ҳалок бўлган буғу қолдиқларини йўқ қилган эди. Шу тариқа, кенг кўламли операциянинг иккинчи кунидаёқ иш суръатини 2,5 баробаргача оширишга эришилди», — дея таъкидлади полковник.
Унинг сўзларига қараганда, кейинги кунларда ҳам иш ҳажми эришилган даражада давом эттирилади.
Ямалда Сибир куйдиргиси оқибатларини бартараф этиш бўйича операция 1 август куни бошланган эди. «Жами 200 га яқин буғунинг қолдиқлари йўқ қилинди. Бевосита инфекция ўчоғида 70 дан ортиқ мутахассис ишламоқда», — дея таъкидлади Рошчупкин.
Мутахассислар сентябрь ойигача Сибир куйдиргиси ўчоғи оқибатларини бартараф этиш ва Ямал тундрасини тозалашга эришиш мумкинлигини маълум қилди.