Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш хатарини баҳолаш бўйича Basel AML Index 2016 рейтингида 101-ўринни эгаллади ва террорчиликни молиялаштириш хатари паст бўлган мамлакатлар қаторидан ўрин олди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Рейтинг Базел бошқарув институти томонидан тайёрланган. Энг юқори баҳолаш коэффициенти 10 баллга тенг бўлиб, балл қанчалик паст бўлса, хатар ҳам шунчалик кам эканини англатади.
Рейтинг мамлакат банк тизимининг жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш бўйича имкониятларини, коррупцияга мойиллик, давлат ва молия секторлари фаолиятининг шаффофлиги, шунингдек, амалдаги сиёсий тузум ва маҳаллий қонунчиликнинг ўзига хосликларини бевосита қамраб олади.
Базел институтининг рейтинги мамлакатларнинг жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш хатарини FATF, Жаҳон иқтисодий форуми, Жаҳон банки, Transparency International каби очиқ манбалар, шунингдек, рейтингга киритилган мамлакатларнинг статистикаси асосида баҳолайди.
Рейтингга кўра, Ўзбекистон 5,1 индекс билан рейтингда 101-ўринни эгаллади. Бу борада Ўзбекистон АҚШ (97-ўрин) ва Россия (58-ўрин)ни ортда қолдирган, Марказий Осиё мамлакатлари орасида ҳам энг яхши кўрсаткичга эга.
Мазкур рейтингда Қозоғистон 71-ўринни, Қирғизистон 60-ўринни, Тожикистон эса 3-ўринни эгаллаган.
Жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш хатари энг юқори бўлган мамлакатлар учлигидан Эрон (1-ўрин), Афғонистон (2-ўрин) ва Тожикистон ўрин олган. Энг паст кўрсаткич эса Финляндия (149-ўрин), Литва (148-ўрин) ва Эстония (147-ўрин)да қайд этилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)