Ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги энг йирик ҳамжамиятлари 17 июль, якшанба куни Чорвоқда катта тирбандликлар юзага келгани ҳақидаги фотохабарларга тўлиб тошди.
Бундай тирбандликлар нима сабабдан юз бергани номаълум. Баъзи фойдаланувчиларнинг қайд этишича, «Пирамида» мажмуасига киришда катта навбат юзага келган.
Бошқаларнинг фикрича, Тошкентнинг аксарият аҳолиси бир вақтда дам олгани табиат қўйнига йўл олгани шундай ҳолатга юзага келишига сабаб бўлган. «Шаҳарда бугун автомобиллар сийрак», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири.
Аксарият фойдаланувчилар тирбандикда турган автомобилларнинг тартибсизлигини танқид остига олган. Айни вақтда, «тоғда соатлаб тирбандликда тургандан кўра, шаҳардаги махсус ҳовузларда дам олган яхши» қабилида фикр билдирганлар ҳам талайгина.
«10 йил аввал биров ‘Чорвоққа кетаверишда катта тирбандлик бўлди’, деса, ҳамма ҳайрон қоларди. Ҳозир эса дам олиш кунлари бундай манзара одатий ҳол бўлиб қолди», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)