«Islom.uz» сайтининг саволлар бўлимига ташриф буюрган фойдаланувчилардан бири Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, «Маданият ва маърифат» телеканали томонидан эфирга узатилган «Маҳобҳорат» сериалини томоша қилиш шариатга тўғри келиши ёки йўқлиги борасида савол билан мурожаат қилди.
«Маҳобҳорат фильмини кўриш шариатга тўғри келадими? Фильмлар ҳақида ёзилган мақолани ўқидим, аммо яқинларимга шу ҳақида айтсам, улар ‘шариатга тўғри келмаган жойига эътибор бермайсан’ дейишди. Нима қилай?», — деб фойдаланувчи савол қолдирди.
Бу саволга жавоб қуйидагича бўлди: «Куфрга рози бўлиш, куфр ҳисобланади. Шу фильмни кўрган кўп одамларнинг оғизларидан: ‘Жаноби Рамга шарафлар бўлсин’ деяётганларини ўзимиз ҳам эшитдик. Қандай қилиб бу сўзни куфр деб бўлмайди?»
Маълумот учун, «Маданият ва маърифат» телеканалида бегим кунлари соат 20:30 да намойиш этиб келинаётган «Маҳобҳорат» сериали ТВ-дастурлар режасига киритилган бўлишига қарамай, 12 июлдан эътиборан эфирдан тушиб қолганди.
Ўзбек тилида юритилувчи Wikipedia маълумотига кўра, «Маҳобҳорат» сериали қадимий ҳиндларнинг «Маҳабҳарата» номли қаҳрамонлик эпоси ҳисобланади. У «Бҳарата авлодлари жангномаси» деб ҳам юритилади.
Унинг дастлабки намунаси милоддан аввалги Х—VIII асрларда юзага келган 25 минг мисрадан иборат шеърий қўшиқлардир. Айтилишича, у аввал халқ тилида оғиздан-оғизга кўчиб юриб, кейинчалик санскрит тилида ёзма адабиётга кириб келган.
«Маҳабҳарата» жаҳоннинг кўпгина тилларига таржима қилинган, шу жумладан, «Жанглар қиссаси. Маҳабҳарата ёки Бҳарата авлодлари жангномаси» номи билан 1970 йилда ўзбек тилида чоп этилган (С. Йўлдошев таржимаси).
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)