Венесуэлада фавқулодда иқтисодий вазият ҳақидаги қарор яна 60 кунга узайтирилди. Бу ҳақда Gaceta Oficial’га таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Мамлакат президенти Николас Мадуро тегишли қарорни шу йилнинг январь ойида, ижрочи ҳукуматга «иқтисодий уруш» даврида аҳолини ҳимоя қилиш учун кенг ваколат бериш учун имзолаб бўлганди.
Венесуэлада ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, табиат ва экология масалалари фавқулодда вазиятда қолаётгани ва миллий иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатаётгани учун фармоннинг муддатини узайтиришга қарор қилинди.
Аввалроқ Мадуро мамлакат мудофаа вазири Владимир Падрино Лопесни овқат ва биринчи аҳамиятга эга товарлар танқислигига қарши курашиш учун «Мустақил ва хавфсиз таъминот» дастурига масъул этиб тайинлаганди.
Венесуэлада сўнгги ярим йилда молиявий-иқтисодий инқироз туфайли товар ва озиқ-овқат танқислиги кескин суръатда авж олди. Бунинг оқибатида одамлар овқат учун ноилож чоралар кўришга мажбур бўлмоқда.
Қайд этиш жоиз, Венесуэладаги инқироз фонида мамлакат «энг бахтсиз» иқтисодиётлар рейтингида етакчилик қилмоқда.
Изоҳ (0)