Jaguar Land Rover (Буюк Британия) яқин тўрт йил мобайнида 100 та ўзини бошқарувчи автомобиль ишлаб чиқариш ва мамлакат йўлларида синаб кўришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Guardian манбаларига таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Синовлар компаниянинг Ковентри графлиги, Уитни шаҳрида жойлашган штаб-квартираси яқинидаги 66 километр узунликда бўлган, шаҳарлараро шоссе ва шаҳар йўлларини ўз ичига олган ҳудудда ўтказилади. Зарур ускуна ва қурилмалар билан жиҳозланган биринчи автомобиль Ковентрида шу йил пайдо бўлиши кутилмоқда.
Синов чоғида компания нафақат борт компьютери реал вақт тартибида атрофдаги объектлар ҳақида маълумот олишига имкон берувчи 3D-қурилма, балки бошқа автомобиллар билан маълумот алмашишга қодир датчикларни ҳам текшириб кўради. Бундай маълумотлар машиналарга йўллардаги тиқилинчларда яхшироқ мўлжал олиш ва тўқнашувлардан ўзини олиб қочишга ёрдам беради.
Буюк Британия ҳукумати дунё миқёсидаги автоном автомобиллар бозори потенциалини 900 миллиард фунт стерлинг (1,2 триллион доллар)га баҳоламоқда. Расмийлар 2020 йилга келиб мамлакат йўлларида ҳайдовчисиз машиналар ҳаракатланишига имкон берадиган қонун-қоидаларни ишлаб чиқишни мўлжалламоқда.
Изоҳ (0)