Шу йилнинг 10 сентябрь куни старт оладиган футзал бўйича Жаҳон Чемпионати иштирокчиси ҳисобланган Ўзбекистон терма жамоаси Тожикистонга қарши ўртоқлик ўйинини 3:3 ҳисобидаги дуранг билан якунлади.
Тошкентдаги тайёргарлик режасига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси уч кун ичида Тожикистонга қарши учта ўйин ўтказиши керак эди. Шуларнинг биринчисида Осиё вице-чемпиони 27-дақиқадаги гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди.
Пойтахт Тошкент мезбонлик қилган 2016 йилги Осиё Чемпионатида «C» гуруҳини сўнгги ўринда якунлаган тожикистонлик футзалчилар Ўзбекистонга қарши беллашувда икки бор ҳисобда олдинга чиқиб олганига қарамай, якунда ғалабани сақлаб қола олмади.
Тожикистон терма жамоаси Осиё Чемпионатида Таиланд термасидан 4:5, Вьетнамдан эса 1:8 ҳисобида енгилган, фақатгина Хитой Тайпейи билан 3:3 ҳисобидаги дуранг ўйнаганди. Ўзбекистон терма жамоаси эса турнир финалига қадар етиб борган.
Ўзбекистон Футзал Ассоциацияси хабарига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон терма жамоалари ўртасидаги иккинчи беллашув 13 июль куни «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бўлиб ўтади ва у 17:00 да старт олади.
Изоҳ (0)