Қирғизистонда ҳуқуқ-тартибот органларининг катта ислоҳоти тайёрланмоқда. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа кенгаши котиби Темир Жумақодиров маълум қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
4 июль, душанба куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон президенти иштирокида Мудофаа кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқ-тартибот ва миграция назорати чораларини ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилди. Мажлис матбуот учун ёпиқ режимда ўтказилди.
Темир Жумақодировнинг айтишича, ислоҳот биринчи навбатда мамлакат прокуратурасига таъсир қилади ва ушбу органдан суриштирув ишлари вазифаси олиб ташланади, жиноий иш қўзғатиш функцияси эса сақланиб қолади. Суриштирув ишлари вазифаси Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси ва Иқтисодий жиноятга қарши курашиш давлат хизматига ўтади.