Исландия ва АҚШ 30 июнь, пайшанба куни мазкур мамлакатга бу ердан 2006 йили чиқарилган Америка қўшинларини қайтаришни кўзда тутувчи қўшма декларацияни имзолади. AFP агентлиги буни НАТО ва Россия ўртасидаги кескинлик ҳамда буюк давлатларнинг Арктика минтақасига ортиб бораётган қизиқиши билан изоҳлади, дея хабар беради «ТАСС».
«Европада, жумладан, Шимолий Атлантикада охирги ўн йилликда хавфсизлик борасидаги вазият ўзгарди. Шу сабабли Исландия ва АҚШ расмийлари янги декларация имзоланишини зарур деб топди. Мамлакатда Америка кучларининг чекланган иштироки мавжуд бўлиши ўзаро ҳамкорлигимиздаги янги босқични англатади», — дея таъкидлаган Исландия ташқи ишлар вазири Лильи Альфредсдоттир.
Декларацияда, шунингдек, Исландия ва АҚШ ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг кучайтирилиши, хусусан, қўшма машғулотлар ўтказилиши назарда тутилган. АҚШнинг 2017 йилги бюджетида Исландиядаги Кеблавик аэропорти ҳудудида ҳарбий объектлар қурилиши учун 21,4 миллион доллар ажратилиши белгиланган.
Изоҳ (0)