Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 турнирига 3-саралаш босқичи олдидан Ироқ термасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Бу ҳақда ФИФА расмий сайтининг Ўзбекистон футбол федерациясига ажратилган саҳифасида эълон қилинди.
ФИФА сайтида келтирилган маълумотларга кўра, учрашув шу йилнинг 24 июль куни бўлиб ўтиши режалаштирилган, бироқ беллашувнинг қаерда ўтказилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Қайд этиш жоизки, хабар чоп этилаётган вақтда Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтида ушбу ўйин ҳақида ҳеч қандай маълумот чоп этилмаганди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сўнгги ўртоқлик учрашувини 7 июнь куни Канада термасига қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраган эди.
Илгарироқ Ўзбекистон термаси 10 ноябрь куни Иордания билан ўртоқлик ўйини ўтказиши ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоасининг аввал Қирғизистон, кейин эса Экваториал Гвинея билан 2 июнь кунига белгиланган ўртоқлик учрашуви бекор қилининиши туфайли, терма жамоа якунда Олий Лига легионерларига қарши баҳс олиб борди. Ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган беллашувда 2:2 ҳисоби қайд этилганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 турнирига 3-саралаш босқичини 2016 йил 1 сентябрь куни, Сурияга қарши Тошкентдаги ўйин билан бошлайди.
Изоҳ (0)