Қозоғистон аксилтеррорчилик маркази Ақтўбедаги терактларга алоқадорларни қўлга олиш бўйича махсус операция ўтказилиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси сайтида келтирилган маълумотга таяниб, «Ведомости» хабар бермоқда.
«Таслим бўлиш ҳақидаги таклифга террорчилар қуролли қаршилик билан жавоб қайтарди. Ақтўбе вилоятининг терроризмга қарши курашиш тезкор штаби томонидан операция ўтказилмоқда. Тадбирлар давом этмоқда, уларнинг натижалари ҳақида яна хабар берилади», — дейилади қўмита хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни Ақтўбе шаҳридаги учта туманда отишма бўлиб ўтди, унда уч ҳарбий ва тўрт фуқаро ҳалок бўлди, камида 38 киши яраланди. Қозоғистон ИИВ ҳодисани теракт деб баҳолади.
Аввалроқ ҳукумат кучлари 13 нафар террорчини йўқ қилганлиги, яна 14 нафари яраланганлиги ва икки нафари қўлга олинганлиги ҳақида маълум қилинган эди. Террорчиларнинг олти нафари қидирилмоқда, уларнинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 5 миллион тенге мукофот пули эълон қилинган.
Изоҳ (0)