5 июнь куни номаълум шахслар Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида жойлашган бир қанча қурол дўконларини талон қилди, шундан сўнг полиция билан тўқнаш келди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Отишма маҳаллий вақт билан соат 2:00 атрофида бошланди. Маҳаллий полиция вакили Алмас Садубаевнинг сўзларига қараганда, ҳужум қилганларнинг уч нафари ўлдирилди, бир нафари қўлга олинди, яна бир нечаси қочишга улгурди.
Ўз навбатида, жиноятчилар «Паллада» қурол дўконига ҳужум қилган пайтда у ердаги сотувчини ўлдиргани маълум бўлди. Шунингдек, улар ҳарбий қисмга ҳам ҳужум уюштириб, бир зобит ва бир шартнома асосидаги ҳарбий хизматчини ўлдирди. Уч ҳарбий хизматчи яраланди.
Садубаев ҳужумчилар «ноанъанавий диний оқимлар тарафдорлари» эканлигини тахмин қилди.
Тўқнашувлар оқибатида бир неча ўн киши яраланиб, шифохонага ётқизилди. Шифохона вакили камида 20 дан ортиқ кишига тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.
Полиция воқеа жойини қуршаб олди, яқин атрофдаги дўконлар ва савдо марказларидан харидорлар эвакуация қилинмоқда. Жамоат транспорти қатнови ва кўнгилочар тадбирлар бекор қилинди, аҳолига уйдан чиқмаслик тавсия этилди.
Воқеа шоҳидлари ижтимоий тармоқларда бир қанча фото ва видеоматериаллар жойлаштирди.
Изоҳ (0)