Ко Ён Сок исмли 60 ёшли асли Шимолий Кореядан бўлган аёл 1998 йилдан буён эри Ри Кан билан биргаликда Нью-Йоркда АҚШ Марказий разведка бошқармаси гувоҳларни ҳимоя қилиш дастури асосида бошқа исмлар остида яшаб келмоқда. Бу ҳақда, The Washington Post газетасида чоп этилган материалга асосланиб, TJournal хабар бермоқда.
Кекса кореяликлар жуфтлиги билан газетанинг Токиодаги идораси бошлиғи Анна Файфилд 2015 йил охирида танишган эди. Улар Жанубий Кореянинг уч мансабдорини судга бериб, ўз шахсини ошкор қилиб қўйганди. Мансабдорлар телевидение орқали чиқиш қилиб, КХДРни танқид остига олган, шунингдек, Ко Ён Сок ва унинг эри — собиқ дипломатни тилга олган эди.
Файфилд уларнинг адвокати билан боғланиб, у орқали жуфтлик билан танишди. Журналист эр-хотин бошқарадиган кимёвий тозалаш муассасида ва уларнинг уйида бўлиб, телевизор орқали аёлнинг жияни — Ким Чен Ин назорати остида сув ости кемасидан ракета учирилиши ҳақидаги лавҳани томоша қилди.
1975 йилда Ким Чен Ир учинчи марта уйланганида Ко Ён Сокнинг ўгай опаси КХДР етакчисининг янги турмуш ўртоғига айланди. У 1998 йилда кўкрак саратонидан даволаниш учун АҚШга кўчиб ўтди.
Ко АҚШга кўчиб келиш сабабларини инсонпарварлик мотивлари билан тушунтиришга уринди, аммо ОАВ у Ким Чен Иннинг ота-онаси вафот этганидан сўнг келажаги шубҳа остида қолишидан қўрққанини бот-бот такрорлади. 2015 йилда CNN телеканали КХДР етакчиси аммаси Ким Гён Хини унга нисбатан танқидлари боис заҳарлагани ҳақида хабар тарқатди. 2013 йилда Ким Чен Ин амакиси Чан Сон Тхаекни, у ортиқ даражада қудратли бўлиб кетди, деган сабаб билан қатлга ҳукм қилди.
Нима бўлганда ҳам, Ко хоним шу каби кўнгилсизликлардан узоқроқ юриш ниятидалигини тасдиқлади. 1998 йилда у эри билан таксида АҚШнинг Берндаги элчихонасига бориб, сиёсий бошпана сўради. Улар АҚШнинг Франкфурт яқинидаги ҳарбий базасига етказилиб, бир неча ой давомида сўроқ қилинди. Жуфтлик АҚШга етиб борганидан сўнг МРБ вакиллари КХДРга бу ҳақда хабар берди.
Ко хоним шу пайтга қадар инглиз тилини мукаммал ўрганмади. АҚШга келганидан сўнг унинг билим ва қобилияти фақатгина кимёвий тозалаш хизматида ишга жойлашишга етди. Вақт ўтиши билан у ўз хизматини очди ва икки фарзандини ўқитди. Лекин унинг оиласи Шимолий Кореядагидек бой яшайди, деб бўлмайди.
Ким Чен Иннинг туғилган йили борасида ихтилофли фикрлар мавжудлиги сир эмас. Ко хонимнинг таъкидлашича эса, КХДР етакчиси аниқ 1984 йилда туғилган: у Конинг ўғли билан тенгдош бўлгани учун бу аёлнинг эсида қолиб кетган.
«У болалагида ўғлим билан дўст эди. Мен иккисининг тагликларини алмаштирардим», — эслайди аёл.
1992 йилда Ко Ким Чен Ирнинг ўғли Ким Чон Чхоль билан Швейцариянинг Берн шаҳрига кўчиб келди. 1996 йилда 12 ёшли Ким Чен Ин уларга қўшилди. У 15 ёшли Чхоль ва бошқа болалар билан Lego ўйнар, Ко эса уларга ғамхўрлик қиларди.
Ко хонимнинг эслашича, Ким Чен Иннинг феъл-атвори, унинг самолётлар ва кемаларга бўлган қизиқиши болалигиданоқ кўзга ташлана бошлаган эди.
«У қийин бола эмасди, лекин жаҳли тез ва тоқатсиз эди. Онаси уни ўқишга кам эътибор бергани учун тергаса, у жанжаллашмас, лекин бошқа йўл билан эътирозини билдирар, масалан, очлик эълон қиларди», — эслайди аёл.
Ким Чен Ин ёз ойларида КХДРда бўлиб, бўш вақтида баскетбол ўйнарди; секин-аста у баскетбол шайдосига айланиб қолди. Жумладан, ёш Ким Чен Ин Майкл Жорданга мухлислик қилар, баскетбол тўпини қучоқлаб ухлар эди. 2014 йилда Миллий баскетбол уюшмаси юлдузи Деннис Родман Ким Чен Ин ҳузурига келиб, уни туғилган куни билан табриклаган ва Happy Birthday қўшиғини куйлаб берган эди. ОАВда кўп бора ёзилганидек, Родман КХДР етакчисига таъзим қилиб, у билан абадий дўст бўлиб қолишни ваъда қилганди.
Расман Ким Чен Ин 2010 йилда мамлакат раҳбари деб эълон қилинган бўлса ҳам, етакчилик сари йўлни у 1992 йилдан бошлаганди. Ўшанда саккиз ёшли болакайнинг туғилган кунига генераллик формаси совға қилинган, ҳақиқий генераллар эса унга таъзим қилган эди.
«Одамларнинг бундай муомаласидан сўнг, табиийки, у нормал инсон бўлиб улғайиши мумкин эмасди», — деб ҳисоблайди Ко хоним.
Вақти-вақти билан МРБ тезкор ходимлари Ко Ён Сок ва унинг турмуш ўртоғига мурожаат қилиб, турли фотосуратлардаги одамларнинг кимлигини аниқлаб беришни сўрайди.
Таъкидланишича, Ко ва Ри Ким Чен Инни ошкора танқид остига олмайди, аксинча, улар ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб, жиянларини «Маршалл Ким Чен Ин» деб атайди. Ри ҳатто КХДР режимини ёқлашини билдириб, Пхеньянга бориш учун рухсат олишга ҳаракат қилмоқда. Рининг фикрича, у КХДР ва АҚШ ўртасида кўприк вазифасини бажариши мумкин. Лекин Шимолий Корея сиёсати бўйича эксперт Александр Мансуров унинг мақсадларини «беъмани» деб ҳисобламоқда.
The Washington Post нашрининг билдиришича, МРБ юқоридаги маълумотларга изоҳ беришдан бош тортгани боис жуфтликнинг газета билан ўртоқлашган айрим гувоҳликларини тасдиқлаш мумкин, айримлари эса шубҳа остида қолмоқда.
Изоҳ (0)