Испания футбол федерацияси Тартиб-интизом қўмитаси «Атлетико» бош мураббийи Диего Симеонени 3 та ўйинга дисквалификация қилди, деб хабар беради «Uff.uz».
Бунга сабаб сифатида мураббийнинг «Малага»га қарши (1:0) Испания чемпионати 35-турида ножоиз ҳаракат қилгани кўрсатилмоқда. Симеоне рақиб жамоа тезкор ҳужум ташкил этаётганда тўпни узатиб турувчи болага тўпни майдонга отиб юборишни айтган.
Ушбу вазиятдан сўнг, учрашувни бошқарган ҳакам Антонио Мигел Матеу Лаос аргентиналик мураббийни захира ўриндиғидан четлатди. «Атлетико» раҳбарияти болакай тўпни ўз ихтиёрига кўра майдонга улоқтирганини таъкидлаган эди, аммо Тартиб-интизом қўмитаси бу жавобни қабул қилмади.
Шу тариқа, Симеоне учта ўйинга четлатилди ва мавсум охирига қадар захира ўриндиғида бўлмайди. Ушбу ўйинларда «Атлетико» «Райо Вальекано», «Леванте» ва «Сельта»га қарши майдонга тушади.
Изоҳ (0)