Охирги икки ҳафта мобайнида Ҳиндистонда камида 220 киши жазирама қурбони бўлди, 330 миллиондан ортиқ киши ичимлик суви танқислигидан азият чекмоқда. Бу ҳақда 23 апрель, шанба куни мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Энг оғир ҳолат икки ҳафта ичида камида 220 киши нобуд бўлган Одишья, Телангана ва Андхра-Прадеш штатларида кузатилмоқда. Ичимлик суви етишмаслигидан 256 та округдаги аҳоли азият чекмоқда. Бу ҳудудларда 330 миллиондан ошиқ киши, яъни мамлакат аҳолисининг чорак қисми истиқомат қилади», — деб таъкидланади вазирлик баёнотида.
Ҳаддан ортиқ иссиқ ҳарорат Ҳиндистоннинг аксарият қисмида кузатилмоқда. Одишьяда эса мамлакат бўйича энг юқори ҳарорат қайд этилган: охирги беш кун ичида муттасил кўтарилиб бориб, 23 апрель, шанба куни 47,5 даражани ташкил этган.
Ҳиндистон метереология департаменти башоратига кўра, жорий йилдаги ёз кейинги 100 йил мобайнидаги энг жазирамалиси бўлиши мумкин. Жанубда максимал ҳарорат 48 даражадан ошиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)