Германиянинг Бранденбург ўлкаси адлия вазири Гельмут Маркоф ўз хизмат автомобилидан шахсий мақсадларда фойдаланганидан жамоатчилик хабар топгач, юзага келган шов-шув туфайли истеъфога чиқишга мажбур бўлди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
2010 йил ёзида Бранденбург молия вазири лавозимида ишлаётган Маркоф мотоциклини ўлка ҳукуматига тегишли юк машинада устахонага олиб борган. Ўтган ҳафта ушбу воқеа ҳақида маҳаллий газеталардан бири ёзгач, 63 ёшли сиёсатчи танқид тошлари остида қолиб кетди. Ўлка парламентидаги мухолифат ўша заҳотиёқ адлия вазирининг зудлик билан истеъфо беришини талаб қилди.
Маркоф дастлаб хизмат автомобилидан фойдаланиш қонуний бўлганини таъкидлаб туриб олди. Аммо кейинроқ вазият унинг фойдасига ҳал бўлмаётганини англагач, бу ишни қилганидан афсус билдирди ва қонуний нарсаларнинг барчаси ҳам жамоатчилик томонидан «ахлоқий нуқтаи назардан қонуний» деб топилмаслигини қайд этди.
Ўз партиядошлари босими остида Маркоф шов-шувни босиш мақсадида умум манфаатига қаратилган жамғармага 1 минг евро кўчирди.
Изоҳ (0)