Хонанда Каниза 28 апрель куни «Истиқлол» санъат саройида бўлиб ўтадиган концерт дастури олдидан матбуот анжумани ўтказди, дея хабар бермоқда «Popcorn.uz».
Унда хонанда «сўнгги кунларда унинг ижодидаги қўшиқлардан кўчираётган, ғояларини ўғирлаётган хонандалар кўпайиб кетаётгани» ҳақидаги мавзуни кўтарди.
«Ижодимни кузатган бўлсангиз, мен ҳеч ким куйламаган мавзуларни кўтаришга ҳаракат қиламан. Бироқ бир неча ҳафта ёки бир неча ой ўтиши билан бошқа бир хонанда айнан мен танлаган мавзуда қўшиқ чиқаради. Ҳаттоки, сўзларигача кўчиришмоқда», — деди Каниза ва «Беном» гуруҳини мисол қилиб келтирди.
«Мен уларнинг ёнига борсам, улар ‘Аммаси-ю холаси’ қўшиғимдан илҳомланиб, тарона куйлаганини айтди. Майли дегандим. Ундан кейин Райҳон ‘Табиб’ қўшиғини мендан икки ой ўтиб чиқарди. Сўзларигача бир хил. Сўнгги йилларда арабча куйламаган Райҳон нима учун айнан менинг қўшиғимдан кўчиради? Сўраб-суриштирсам, бу қўшиқни ҳам ‘Беном’ ёзиб берибди. Яқиндагина бундай ҳолатлардан хафа бўлиб, ажрашган ота-онани деб қийналаётган фарзандлар тўғрисида қўшиқ ёзаётганимни эълон қилган эдим. Ҳеч ким бу мавзуга қўл урмас деган ниятда эдим. Бироқ Озодбек Назарбеков концертида айнан шу мавзудаги қўшиқни ижро этаётган экан. Айтишларича, сўзлари ҳам жуда ўхшаш. Композиторлар чет эл қўшиқларидан кўчириб, бизнинг хонандаларга тарона ёзиб беради. Бунга-ку майли, лекин, ўзимизникидан ўғирлашлари ошиб тушди», — дея норозилигини билдирди санъаткор.
Унинг айтишича, ҳаттоки, клипмейкерлар ҳам унинг клиплари сценарийларини ўзлаштирмоқда. «Супурги билан чиқсам, бошқаси ҳам супурги олиб чиқади. Кир ювсам, кир ювади. Бундай ҳолатларга дугонам Муниса Ризаеванинг клипларини мисол қилишим мумкин. Қолаверса, Лола клипида кал бўлиб чиққан. Мен ҳам 7—8 йил олдим ‘Ҳис эт ҳароратимни’ қўшиғида кал бўлиб чиққанман. Нега айнан менинг ижодимдан кўчиришади? Нима учун изланишмайди? Тасодиф десак, кетма-кет тасодиф бўлмайди-ку! Бу ҳолатлардан жуда чарчадим. Шу боис ушбу мавзуни кўтардим», — деди хонанда Каниза.
Изоҳ (0)