TrendForce таҳлил компанияси смартфонлар савдоси кескин тушиб кетганидан далолат берувчи тадқиқот натижаларини эълон қилди, деб ёзади «Hi-tech.mail.ru». Экспертлар таъкидлашича, 2016 йилнинг биринчи чорагида iPhone савдоси айниқса шиддат билан тушиб кетди, ва бу Samsung’га Apple’ни анча ортда қолдириш имконини берди.
2016 йилнинг дастлабки уч ойи давомида дунёда 292 мингга яқин смартфон чиқарилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қисқариш сезиларсиз — атиги 1,3 фоиз. Бироқ маълумотларни ўтган чорак кўрсаткичлари билан қиёслаганда, савдо ҳажми 18,6 фоизга пасайиб кетганини кўриш мумкин.
Смартфонлар бозорида, 2016 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, биринчи ўринни 27,8 фоиз натижа билан ҳамон Samsung эгалламоқда. Ўтган чоракда унинг ҳиссаси 22,1 фоизни ташкил этган эди.
Apple эса иккинчи ўринда қолмоқда, аммо уч ой аввал унинг смартфонлар бозоридаги ҳиссаси 20,9 фоиздан иборат бўлган бўлса, энди ушбу кўрсаткич 14,4 фоизга тушиб қолди.
Рейтингнинг учинчи поғонасида Huawei (9,3%), кейинги ўринларда эса Lenovo (5,8%), Xiaomi (5,5%) ва LG (5,1%) жойлашди.
TrendForce эксперти Аврил Ву айтишича, iPhone 6s’га бозорда талаб йўқ. У iPhone 6’га ўхшайди ва ўртача харидорга ҳақиқатда керак бўлган қўшимча функцияларга деярли эга эмас.
Мартда чиқарилган iPhone SE Apple савдоларини iPhone 7 чиққунига қадар ушлаб туради. Бироқ янги 4 дюймли смартфон Хитой брендларининг моделлари билан рақобат курашига дуч келиб бўлди ва ўртача нарх сегментида етакчи ўринларни эгалламай қўйди.
Изоҳ (0)