9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 71 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронлари моддий рағбатлантилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18 апрель куни эълон қилинган «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган, деб хабар беради ЎзА.
Ҳужжатда айтилишича, байрам муносабати билан 1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 800 минг сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизматига Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда ушбу пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминлаш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига эса Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Бадиий академия, Республика Маънавият тарғибот маркази, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари, бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда юрт ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказиш топширилди.
Изоҳ (0)