Ўзбекистонлик теннисчилар Жўрабек Каримов ва Ҳумоюн Султонов Қарши шаҳрида давом этаётган Karshi ITF Pro Circuit турнирининг ярим финалига йўл олди, деб хабар беради «Sports.uz».
Соврин жамғармаси 25 минг долларга тенг мусобақанинг чорак финалида Жўрабек Каримов беларуслик Яраслав Шилага қарши кортга чиқди. Бир соату 7 дақиқа давом этган белашувда 6:3, 6:1 ҳисоби қайд этилиб, ўзбекистонлик теннисчининг фойдасига ҳал бўлди.
Ҳумоюн Султонов ушбу босқичда россиялик Денис Мацукевичга қарши баҳс олиб борди. Икки соат давом этган мазкур баҳсда ўзбекистонлик теннисчи 4:6, 7:6, 6:4 ҳисобидаги иродали ғалабани қўлга киритди.
Чорак финалга чиққан яна бир ўзбекистонлик теннисчи Санжар Файзиевга омад кулиб боқмади. Чехия вакили Михал Конечнига қарши ўйинда Файзиев 2:6, 5:7 ҳисобида мағлубиятга учради.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг иккинчи даврасида Жўрабек Каримов бельгиялик Сандер Жиллени 4:6, 6:4, 6:4, Ҳумоюн Султонов словакиялик Филипп Хоранскини 7:6, 7:5, Санжар Файзиев эса ҳиндистонлик Сумит Нагални 6:1, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Изоҳ (0)