Uber Technologies компанияси Ҳиндистоннинг Ola Cabs сервисини судга берди. Bloomberg агентлигига асосланиб, «РБК»нинг хабар қилишича, АҚШ компанияси ўз рақобатчисини мавқеига путур етказишда айбламоқда.
Даъво аризаси Деҳли округи Олий судига киритилиб, 22 март куни рўйхатга олинди. Иш бўйича эшитувлар 14 сентябрга белгиланди.
Ҳар иккала компания ҳам такси чақириш сервисига эгалик қилади.
Uber вакилларининг уқтиришича, Ola ходимлари Uber тизимида 90 мингдан ортиқ қалбаки аккаунт яратиб, уларни ҳақиқий абонентлар ишлатмайдиган телефон рақамларига боғлаб қўйган. Сўнг ушбу аккаунтлар орқали 400 минг атрофида буюртма берилган ва улар дарҳол бекор қилинган.
Буюртмаларнинг ёппасига бекор қилиниши қаторида, АҚШ компанияси Ola томонидан ўзи ҳақида ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар акс этган хабарлар тарқатилаётганига гувоҳ бўлганини таъкидламоқда. Шу тариқа, Uber Ola’ни ғирром йўллар билан рақобатчисининг мавқеини туширишга ва мижозлар ишончини заифлаштиришга уринишда айбламоқда.
Ўз навбатида, Ola вакиллари бу айбловларни «сафсата» ва «фактларнинг бузиб кўрсатилиши» деб ҳисобламоқда.
Маълумот учун, USM холдинги эгаси Алишер Усмонов ҳар икки компаниянинг инвестори ҳисобланади. Бизнесмен ўз шериклари билан такси чақириш сервислари ҳамда бошқа онлайн-лойиҳаларга инвестициялар киритиш мақсадида 1 миллиард доллар капиталга эга жамғарма ташкил этган эди.
Изоҳ (0)