БМТ КХДР томонидан баллистик ракеталар учирилганидан сўнг Корея ярим оролида юзага келаётган вазиятдан чуқур ташвишланиш билдиради ва Пхеньянни «ғаламислик ҳаракатлари»ни тўхтатишга чақиради. Бу ҳақда халқаро ташкилот бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Корея ярим оролидаги вазият, хусусан, КХДР томонидан ракеталар учирилгани чуқур ташвиш уйғотади. Биз Шимолий Кореяни яна бир бор ўз мажбуриятлари, жумладан, Хавфсизлик кенгаши резолюциялари доирасидаги мажбуриятларига риоя этиш ва провокацияларни тўхтатишга чақирамиз», — дея таъкидлаган Дюжаррик. Бош котиб расмий вакилининг билдиришича, БМТ минтақада вазият ривожини диққат билан кузатиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея 17 март, пайшанба куни кечки пайт Япония денгизига қарата ўрта масофага парвоз қилувчи икки баллистик ракетани учирган. КХДР 10 март куни ҳам мазкур денгизга кичик масофадаги икки баллистик ракетани йўллаганди.
Изоҳ (0)