Жанубий Кореяда расмий сотувлар бошлангандан сўнг ўтган икки кун мобайнида 100 мингдан зиёд Samsung Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge харид қилинган. Сотувнинг умумий ҳажмида Galaxy S7 Edge улуши 40 фоиз атрофида бўлган. Бу ҳақда компания вакиллари маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Янги смартфонлар Galaxy S6’дан аккумуляторларнинг катта сиғими, шунингдек, чанг ва сувдан ҳимояга эга эканлиги билан фарқланиши билдирилмоқда. Қурилмаларда профессионал фотоаппаратлардан қолишмайдиган сифатдаги тасвирларни олиш имконини берувчи «икки карра пиксел» технологияси қўлланган, microSD хотира картаси учун слот яна пайдо бўлган.
Кореялик харидорлар учун энг жозибали омил тариқасида нархларни кўрсатиш мумкин: 32 гигабайтли қўшимча хотирага эга Galaxy S7 баҳоси 836 минг вон (690 доллар) бўлиб, бу ўтмишдошининг сотувлар бошланишидаги нархидан 40 долларга кам. Galaxy S7 Edge 924 минг вон туради, бу Galaxy S6 Edge’га нисбатан 5,6 фоизга кам.
Samsung янги смартфонлар сотуви Galaxy S6 томонидан ўрнатилган рекордни янгилаши, мобил телефонлар бозоридаги пасайиб бораётган талабни жонлантиришига умид қилмоқда.
Изоҳ (0)