Анқаранинг Казилай туманида юз берган портлаш оқибатида 34 киши ҳалок бўлди. Яна 125 киши жабрланди. Бу ҳақда Туркия соғлиқни сақлаш вазири Меҳмет Муезинўғлининг маълумотига таяниб, «РБК» хабар беради.
«Ҳозирги пайтда 125 киши шифохонада бўлиб, улардан 19 нафарининг аҳволи жиддийлиги маълум қилинмоқда. Шифокорлар жабрланганларнинг етти нафарида операция ўтказмоқда», — деб таъкидлади вазир.
Туркия ички ишлар вазири Эфкан Ала мамлакат ҳукумати 13 март кечқурунида содир этилган теракт ортида қайси ташкилот турганлигини 14 март куни маълум қилишини айтиб ўтди.
Ҳукуматнинг маълум қилишича, теракт шаҳарнинг бир нечта банк, метро станцияси, автобус бекати ва хиёбон жойлашган қисмида юз берган. Дастлабки маълумотларга қараганда, портловчи моддалар жойланган автомобиль автобусга келиб урилган.
Изоҳ (0)