Россия Лондондаги Олий судга Украинадан уч миллиард доллар миқдоридаги қарзни ундириб бериш масаласи бўйича мурожаат қилди. Бу ҳақда РФ молия вазири Антон Силуанов маълум қилди, деб хабар беради Meduza.
«Биз Украинанинг Россия олдидаги қарзларини узиш масаласини судсиз, икки томонлама ҳал этишга тайёрлигимизни кўп марта билдирдик. Афсуски, Украина нафақат биз, балки Халқаро валюта жамғармаси ҳам чақирган ‘яхши ният’ руҳидаги музокараларни олиб боришга тайёр эмас экан. Шунинг учун масаланинг ягона ечими — судга мурожаат этиш эди ва шундай қилинди ҳам», — деди Силуанов.
2013 йилда Украина президенти лавозимини Виктор Янукович эгаллаб турган вақтда Россия 15 миллиард доллар миқдорида кредит беришга рози бўлган. Уч миллиард доллар миқдоридаги пулнинг биринчи қисми ўтказиб берилган. Аммо Киевда ҳукумат ўзгаргандан кейин Россия кейинги тўловларни амалга оширишдан бош тортган.
2015 йилнинг декабрида Халқаро валюта жамғармаси Украинанинг Россия олдидаги қарзларини суверен деб тан олди. Аммо Украина Россияга уч миллиард долларни қайтариш имкони йўқлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)