Алишер Навоий 24 ёшга кирганида унинг шеърларини мухислари йиғди ва девонга айлантирди. Бу девонни 1968 йилда олим Ҳамид Сулаймонов фотонусхасини олиб келиб, китоб шаклида чоп қилдирган эди, деб ёзади Алишер Навоий ҳақидаги сайт.
2008 йилда Навоийнинг яна бир девони топилди. Бу ҳам унинг мухлислари томонидан 1471 йил тартиб берилган экан. Фарқли жиҳати, бу девонни Хуросонга чегарадош бўлган мамлакат – Оққуюнлилар салтанатида тайёрлашган ва ундаги шеърлар қарлуқ лаҳжасидан ўғуз лаҳжасига мосланган. Девонни ўз даврининг таниқли хаттоти Абдураҳим Хоразмий кўчирган.
Мазкур девонни фанга маълум қилган олим Афтондил Эркинов унинг фотонусхасини (факсимиле) Токиода китоб шаклида нашрдан чиқарди. Китобда Навоийнинг 1465—1471 йилларда ёзилган шеърлари билан танишиш мумкин.
Девон шартли равишда «Оққуюнли мухлислар девони» деб номланди. Китобнинг кириш қисмидан ўрин олган уч тилда (рус, ўзбек, инглиз) берилган катта ҳажмдаги илмий мақолада Алишер Навоий ижоди ва мазкур девоннинг тузилиши, топилишига доир муҳим маълумотлар акс этган.
Эслатиб ўтамиз, Навоийнинг бу икки девони тузилганда ҳам ҳали шоир ўз шеърларини расман тўплам ҳолига келтирмаган эди.
Изоҳ (0)